$
 10922.03
17.74
 11289.01
136.1
 180.31
weather
+37
Кечаси   +18°

Конституцияда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлашга зарурат бор

Сенаторлар Конституцияга ўзгартиш киритишни маъқуллашди

Конституцияда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмаслиги ниҳоятда муҳим масаладир. Конституциямизда асосий ҳуқуқ ва эркинликларга алоҳида эътибор қаратилганми? Конституцияда яна қандай ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга зарурат бор? Бу ҳақда юридик фанлари доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров тўхталиб ўтди

 

Эътибор қаратадиган бўлсак, конституциявий комиссияга фуқароларимиздан келаётган мурожаатларнинг аксарияти инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини атрофлича тартибга солишга бевосита қаратилган. Тўғри, амалда бўлган конституциямизда, инсонларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари ҳамда кафолатлари берилган, аммо баъзи ҳуқуқ ва эркинликлар ҳозирги давр нуқтаи назардан атрофлича кафолатланмаган . Бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, инсон, жамият, давлат ўртасидаги янги муносабатлар шаклланар экан, худди шундай янги ҳуқуқларни конституция даражасида мустаҳкамлашга ҳам зарурат пайдо бўлаверади. Кўплаб хорижий мамлакатлар конституцияларига эътибор қаратадиган бўлсак, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ҳуқуқ эканлиги деб алоҳида қоида мустахкамлаб қўйилмаган бўлсада, аммо мазкур қоиданинг мазмун моҳиятини очиб берадиган ҳуқуқлар сираси атрофлича ёритиб берилган.

Хусусан, шахсий дахлсизлик, ахборот олиш, таълим олиш, мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқлари шулар жумласидандир. Мисол тариқасида, Германия, Россия, Беларуссия, Туркия давлатлари конституцияларида хусусий таълим олишнинг давлат томонидан каолатланиши, ҳар бир фуқаро танлов асосида давлат олий таълим муассасларида бепул таълим олиш ҳуқуқи, замонавий фан ва таълим методлари давлат томонидан назоратга олиниши каби қоидалар қатъий белгилаб қўйилган. Ёки, Хитой, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Япония давлатлари конституцияларида ҳар бир инсон хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларида ишлаш, болалар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланиши, мажбурий меҳнат бўйича ҳақ тўланиши каби қоидалар конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу каби мисолларни бошқа ҳуқуқ турларига ҳам айтиб ўтиш мумкин.

Жаҳон тажрибасида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларни конституцияда кафолатлаш билан боғлиқ қизиқарли ҳолатлар ҳам мавжуд. Хусусан, 1958 йилдаги Франция конституциясининг асосий матнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари белгилаб қўйилмаган. Аксинча, мазкур масалалар таснифи 1789 йилги Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияга, қолаверса, 1946 йилда қабул қилинган Франция Конституциясининг муқаддима қисмига ҳавола этилган. Қолаверса, дунёда дастлабки қабул қилинган 1787 йилги АҚШ конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига эътибор қаратилмаган, фақат 1791 йилга келиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Билл қабул қилиниб, конституцияга ҳуқуқ ва эркинликлар қўшимча қоидалар сифатида киритилган.

            Амалдаги конституцияда ажралмас ҳуқуқлар кафолатланганми

            Конституциянинг 24-моддасида, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, инсон туғилиши билан бошқа ҳуқуқларга бўлган зарурат орқали ўз ҳаёт тарзини кенгайтириб бошлайди, яъни яшаш ҳуқуқи бор экан бошқа ҳуқуқлар яратилишига замин яратади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам яшаш ҳуқуқининг кафолатланганлиги белгилаб қўйилган. Мамлакатмизда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш соҳасидаги олиб борилган ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодексининг 13 та моддасида ўлим жазоси назарда тутилган бўлса, 2008 йил январдан ойидан бирон бир Жиноят кодексининг моддаларида ўлим жазосини қўллаш билан боғлиқ қоида қолмади. Бу албатта, инсоннинг ажралмас ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жараён десак бўлади.

            Ёки, конституцияда белгиланган, ҳамма учун виждон эркинлигининг кафолатланганлиги. Бу бўйича мамлакатимизда охирги беш йилликда диний эътиқодни кафолатлаш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, диний таълим олишда, ўз эътиқодларини амалга оширишда, урф – одатларни бажаришда ва бошқа эркинликларни айтиб ўтиш мумкин.

Янги ҳуқуқларни кафолатлашга зарурат ортмоқдами? 

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ривожланиш босқичларига эътибор қаратадиган бўлсак, учинчи босқич сифатида инсонларнинг тинч яшаш, тоза атроф муҳимга эгалик қилиш, замонавий ахборот маълумотлардан фойдаланиш, хавфсиз яшаш каби ҳуқуқларни конституция даражасида мустаҳкамлаш зарурати юзага келди. Шу мақсадда йигирма биринчи асрда қабул қилинган кўплаб давлат конституцияларида мазкур ҳуқуқларни мустаҳкамлаш биринчи ўринга чиқди ҳамда босқичма-босқич мазкур ҳуқуқлар мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси конституциясида ҳам инсон ва фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқулари кафолат берилган, аммо 30 йил давр оралиғида мазкур ҳуқуқларни замонавий конституциянализм даражадасида янада такомиллаштириш жараёнлари амалга оширилмади. Ҳозирги кунга қадар Конституциямизга 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса, конституциянинг 32- моддасига киритилган жамоатчилик назорати билан боғлиқ ўзгартиришни ҳисобга олмаганда, бошқа янги қоидалар киритилинмаган.

          Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ва фуқароларга тааллуқли бўлган ҳуқуқлар сираси кенгайиб бораверади, чунки дунёдаги глобал ўзгаришлар, янги муносабатлар шаклланиши орқали янги ҳуқуқларга ҳам чорлов бўлаверади. Шу мақсадда, доимий тарзда конституцияда мазкур инсон ва фуқароларнинг ҳаётдаги ажралмас ҳуқуқларини доимо ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб боришимиз зарур.