$
 10710.63
10.6
 12436.11
70.09
 149.57
0.52
weather
+22
Кечаси   +5°

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича режаларни маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Токио шаҳри бўлиб ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувида нутқ сўзлаб, келгуси режалар ҳақида гапирди.

«Ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини тобора кенгроқ намоён этиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига бугундан бошлаб аниқ тизим асосида тайёргарлик кўришимиз зарур.

Келгуси мусобақаларга стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти, бадминтон сингари турлар бўйича ҳам йўлланмалар учун курашиш керак.

Биринчидан, бўлғуси Паралимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўриш учун, хорижий мамлакатлардан энг тажрибали мутахассис ва мураббийларни жалб қиламиз.

Шу билан бирга, жойларда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида, пара-лимпия ҳаракатини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур.

Иккинчидан, пара-спорт турлари бўйича иқтидорли атлетларни саралаш ва уларнинг захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш лозим.

Спорт таълими масканларида тегишли ўқитиш дастурлари ва методикасини жорий қилиш билан бирга, уларда пара-лимпия бўлимларини ташкил этиб, қўшимча квоталар ажратамиз.

Икки ой муддатда спорт мактабларида жисмоний имконияти чекланган болалар учун махсус гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйсин.

Учинчидан, жисмоний имконияти чекланган ёшлар орасида спортга қизиқиши кучли бўлган йигит-қизлар кўплаб топилади. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси билан ҳамкорликда, жойларда селекция ишларини тизимли йўлга қўйиш лозим.

Тўртинчидан, паралимпия спорт турлари бўйича тренерларни тайёрлаш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий пара-лимпия қўмитаси қошида Пара-лимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин.

Бешинчидан, пара-спортчиларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида, уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктирсин.

Шунингдек, улар махсус дори-дармон ҳамда халқ табобати воситалари билан таъминлансин.

“Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида пара-лимпиячилар учун шароит яратиш зарур.

Яна бир муҳим масала – Ўзбекистон Миллий пара-лимпия қўмитасининг пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Қўмита таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қиламан. 

Бу борада ёшлар ўртасида спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган махсус инструктор ва ташкилотчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш талаб этилади», - деди Президент.